Қўзиларни сунъий озиқлантириш ҳақидаги асосий саволлар

Чорвачиликда майда масала бўлмайди. Ахир энг кичик деталь ҳам чорвадан олинадиган маҳсулотнинг сифатига таъсир ўтказади. Жумладан, қўзиларни сунъий озиқлантириш ана шундай аҳамиятга эга бўлган масаладир.

Қуйида бу масала бўйича экспертнинг тавсияларини келтирамиз. Фермерлар бу маслаҳатлар ёрдамида қўзиларни сунъий озиқлантиришнинг асосий қоидалари билан танишиб чиқиши мумкин.

Қачон?

Биринчи йил туққан ёш она қўйлар ўз қўзиларини тан олмасдан, яқинига келтирмайди, эмизмай қўяди, ҳатто сузиб ҳайдайди. Бу ҳолатдан чиқиш учун уларнинг қўзилари бошқа эмизикли совлиқларга бириктирилади. Аммо сурувдаги совлиқлар, кам сут бўлиб, бошқа қўзилар тугул, ўз болаларига етарли сут беролмаслиги мумкин. Яна бир мисол, Романов зотли совлиқлар 3-4 та, баъзан ундан ҳам кўп қўзилайди, аммо она қўйнинг сути 2–3 қўзини ўстириш учун етарли холос. Юқоридаги ҳаётий вазиятларда сутсиз қолган қўзиларни сунъий усулда тўйдиришга тўғри келади.

Қандай?

Сунъий озиқлантириш учун ҳар бир қўзига 18–20 кг миқдорида сигир сути сарфланади. Қўзилар 2-3 ҳафтагача фақат сигир сути билан боқилади. Сўнгра “таомнома”га сули дони ва кунжарани қайнатиб тайёрланган шарбат аста-секинлик билан қўшиб борилади. Қўзичоқлар 1,5–2 ойлик бўлгач сигир сути тўхтатилиши мумкин.

“Таом”ларни тайёрлаш

Сули-кунжара шарбати тайёрлашда ҳар бир қўзи учун 40 гр сули ва 20 гр кунжара олинади. Сулига 1 литр қайноқ сув қуйилиб, қайнатилади. Пишиб етилган сулининг шарбати сузиб олинади.

Кунжара ҳам 1 литр сувда 1-2 соат қайнатилиб, шарбати сузиб олинади ва сули шарбати билан аралаштирилади. Шарбат қўзи бошига бир кунда 300 граммдан ичкизилади. Қўзилар икки ойлик бўлгач, шарбат учун 20 гр сули, 100 гр кунжара ишлатилади. Қўшимча равишда, қўзиларга кунига 25 гр сули ёрмаси ва кепак берилади.

Қўзиларнинг витаминларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун беда пичани шарбати тайёрланади. Шарбат тайёрлаш учун ҳар бош қўзи ҳисобига 1 кг юқори сифатли беда пичани олиниб, 800 иссиқликдаги 6 литр қайнатилган сув қуйилади ва бир сутка давомида усти беркитилган ҳолда бўктириб қўйилади. Эртаси куни унинг шарбати сузиб олиниб, 80-850С да 5-10 дақиқа пастеризация қилинади. Кейин, ҳарорати 36-370С бўлганича совитилиб, ҳар бир қўзига кунига 300 граммдан то 500 граммгача ичкизилади. Қўзиларни сунъий усул билан ўстиришда шарбатлар махсус эмизгичлар ёрдамида ичкизилади.

Сунъий боқишга ўтказиладиган қўзилар 2-3 кунликкача ўз онасининг олдида бўлиб, оғиз сутидан эмади, сўнг онадан ажратилиб сунъий сут бериб ўстирилади.

Хабибулло Хамдамов
ASK FACILITY лойиҳасининг Ветеринария ва чорвачилик бўйича эксперти

Choice crops

Choice livestocks