Пахта қанча туради? Пахтанинг қўшича қиймат занжири ҳақида

Сиз етиштираётган пахтадан қандай маҳсулотлар тайёрланишини ҳисоблаганмисиз ҳеч? Нима учун пахта толасидан тайёрланган кийимлар севиб кийилади? Ғўза гулидан олинган асални татиб кўрганмисиз? Қўшимча қиймат занжири туркумида пахта ҳақидаги шу каби саволларга жавоб берамиз.

Дунёнинг 84 та мамлакатида 200 миллионга яқин аҳоли 32-33 миллион гектар ерга чигит экиб пахта етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланади.

Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Покистон ва Бразилиядан кейин олтинчи ўринда туради. Авваллари пахта толасини экспорт қилиш бўйича Ўзбекистон АҚШ ва

Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда турар эди. Кейинчалик пахтани ўзимизда қайта ишлаш саноати ривожланаётгани сайин олтинчи ўринга ўтди. Ғўза техник экинлар ичида энг қимматлиси ҳисобланади. У асосан толаси учун ўстирилади. Пахта толаси кенг миқёсда турли мақсадларда ишлатилади.

Умуман пахта хом ашёси ва ўсимликнинг турли қисмлари халқ хўжалиги учун қимматли хом ашё манбаи бўлиб, ундан 92 хил маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бир тонна чигитли пахтадан 340-350 кг тола, 50-60 кг момиқ ва 600 кг чигит олинади. Бир тонна чигитдан эса 170-220 кг мой, 380-400 кг кунжара, 50-60 кг момиқ, 60 кг ўсимлик оқсили, 300 кг шелуха олинади.

Пахта толасининг ўзига хос эластиклик хусусияти бошқа табиий ва сунъий толаларда учрамайди. Шунинг учун ҳам пахта тўқимачилик дастгоҳларида бошқа турдаги толалар билан яхши уланади.

Пахта толасидан тўқимачилик саноатида кенг фойдаланиб, ҳар хил газламалар тўқилишидан ташқари, ундан ғалтак ип, арқон, чилвир, балиқ тутадиган тўр, тасма, транспортёр ленталари, резина шланглар учун махсус тўқималар, фильтрлар, электр симларининг устини ўрайдиган тўқима ва бошқалар тайёрланади.

Айрим пахта навларинииг толасидан автомобиль шиналарида қистирма (прокладка) учун ишлатиладиган махсус корд тўқимаси тайёрданади. Шунингдек, парашют қилинадиган материал, кирза ва бошқа нарсалар ишлаб чиқарилади. Пахта толасидан фойдаланиб целлюлоид, фото-кино ленталар, лаклар, энг юқори сифатли ёзув қоғозлари ва бошқа кўплаб буюмлар тайёрланади. Ипак газмолларни тўқишда пахта толасини уларга аралаштириб ишлатиш мумкин.

Пахта чигити ҳам ниҳоятда қимматли маҳсулот ҳисобланади. Толаси ажратиб олинган чигитнинг бир қисми экиш учун, асосий қисми эса хилма-хил маҳсулотлар, хусусан, мой олишда ишлатилади.

Чигит мойи озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш ва бошқа техник мақсадлар учун фойдаланилади. Тозаланган чигит мойи консерва саноатида кенг кўламда қўлланилади. Шунингдек, ундан маргарин, кир совун, атир совун, техника мойи, алиф тайёрлашда ҳам фойдаланилади. Чигит мойидан глицерин, стеарин ва бошқа бир қанча маҳсулотлар олинади.

Ниҳоят, ғўза сершира (серасал) ўсимликлардан ҳисобланади, гектаридан 100-200 кг асал олиш мумкин. Шунинг учун ғўза пайкаллари яқинида бемалол асаларичиликни ривожлантирса бўлади. Лекин бунда ғўза зараркунандаларига қарши заҳарли кимёвий моддалар сепишда эҳтиёт чораларини кўриш шарт.

Манба: https://agronet.uz/pakhtadan-mahsulotlar/